Бир марталик умумдавлат акцияси

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори "Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Фуқароларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар ҳамда ўзбошимчалик билан қурилган турар жойларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича бир марталик умумдавлат акциясини ўтказиш тўғрисида» 2018 йил 20 апрелдаги ПФ-5421-сон Фармони ижросини таъминлаш чора-тадбирлари ҳақида"

Президентимиз томонидан имзоланган ва ҳаётга жадал татбиқ этилаётган барча фармон ва қарорларни халқимиз катта қувонч, зўр ишонч билан қабул қилмоқда. Улар замирида халқчил ислоҳотларнинг амалий ифодаси намоён. 2018 йил 20 апрелдаги “Фуқароларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар ҳамда ўзбошимчалик билан қурилган турар жойларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича бир марталик умумдавлат акциясини ўтказиш тўғрисида”ги Президент фармони ҳам ниҳоятда долзарб ва бир неча йиллардан буён ечимини кутаётган муҳим ижтимоий масалага оқилона ёндашув бўлди. 

Халқаро пресс-клуб сессиясида мазкур фармоннинг мазмун-моҳияти ҳақида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси, Тошкент вилояти ҳокимлиги масъул ходимлари, маҳалла фаолларининг фикр-мулоҳазалари тингланди. 

Таъкидландики, мамлакатда аҳолига, биринчи навбатда, қишлоқ жойларида муносиб уй-жой шароитларини яратишга қаратилган кенг кўламли давлат дастурлари амалга оширилди. Хусусан, 2009-2017 йиллар давомида 81 минг 992 уй қурилди, 6 минг 624 уй-жой массиви барпо этилди, зарур муҳандислик-коммуникация инфратузилмалари ўтказилиши таъминланди. 2016 йилдан қишлоқ аҳолиси учун янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар қурилишини назарда тутувчи сифат жиҳатидан янги давлат дастури амалга оширилмоқда. 2017 йилнинг ўзида қишлоқ жойларида 18 мингдан ортиқ қулай шарт-шароитга эга бўлган уй барпо этилди. Ўз навбатида, фуқароларнинг қонунчиликда мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи асосида ажратилган ер участкаларида якка тартибда уй-жой қуриш ҳуқуқи кафолатланган. 

Сир эмас, ер тузиш ва кадастр органлари томонидан ўтказилган республика кўчмас мулк фондининг ялпи хатлови якка тартибда уй-жой қуриш соҳасида, айниқса, қишлоқ жойларида қонунийликни таъминлаш масалаларида тизимли хатолар ва жиддий камчиликларга йўл қўйилганлигини кўрсатмоқда. Хусусан, уй-жойга эга бўлиш ва қуришнинг қонуний механизмлари мавжуд бўлишига қарамасдан, минглаб фуқаролар кўп йиллар давомида ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларида якка тартибда уй-жойларни ноқонуний барпо этишган. 

Бундай ҳолатларнинг юз беришига давлат органлари, энг аввало, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият, шу жумладан, ер кадастри, архитектура ва қурилиш соҳасидаги ваколатли органларнинг бепарволиги сабаб бўлди. Шунингдек, фуқароларга ер участкаларини уй-жой қуриш учун муайян тўлов эвазига ноқонуний бериш юзасидан фермер ва деҳқон хўжаликларининг тил бириктириши бўйича кўплаб ҳолатлар мавжуд. 

Натижада ушбу муаммо бутун республика бўйича оммавий тус олди ва уй-жой учун зарур ҳужжатларнинг мавжуд эмаслиги аҳолида бошқа ижтимоий муаммоларнинг келиб чиқишига, хусусан, ҳақиқатда яшаб турган жойга прописка қилиниши, мулк ҳуқуқига эга бўлиш ва уни амалга ошириш имконияти мавжуд эмаслигига олиб келди. 

Яқин вақт мобайнида фуқаролардан уй-жой мулкига кадастр ҳужжатларини беришни сўраб Президент Виртуал қабулхонасига 5 мингдан ортиқ, депутатлар, сенаторлар, давлат ҳокимияти органлари мансабдор шахслари томонидан ўтказилган сайёр қабулларда 3 мингдан зиёд мурожаат келиб тушган. 

Президентимизнинг юқорида қайд этилган фармони билан фуқароларнинг ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкалари ёки иморат қуриш учун рухсатнома олмасдан қурилган турар жойларига нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича бир марталик умумдавлат акцияси эълон қилинди. Унга кўра, 2019 йил 1 майгача мазкур фармон қабул қилинган вақтга қадар қурилиш мақсадлари учун ажратилмаган ер участкаларида ёки иморат қуриш учун рухсатнома олмасдан қурилган турар жойга, яъни ўзбошимчалик билан қурилган иморатга нисбатан мулк ҳуқуқи ушбу объектга ўз шахсий мулки каби ҳалол, ошкора ва узлуксиз эгалик қилаётган шахсга нисбатан тақдим этилади. 

Бунда ер участкаси унга қонун ҳужжатларига мувофиқ турар жой қуриш учун ажратилиши мумкин бўлмаган ер майдонида жойлашмаганлиги, ўзбошимчалик билан қурилган иморат шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари талабларини бузмаётгани бош мезон сифатида қабул қилиниб, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорига асосан ташкил этиладиган Кўчмас мулкка нисбатан ҳуқуқни эътироф этиш ишларини ташкил этиш бўйича комиссиянинг тақдимномасига кўра, туман (шаҳар) ҳокимининг қарори билан амалга оширилади. Бу жараёнда фуқаролар энг кам иш ҳақининг беш баравари миқдорида бир марталик йиғим тўлаши керак бўлади. 

Фармонда бир марталик акциянинг амал қилиш муддати тугагунга қадар судларга ўзбошимчалик билан қурилган иморатларни бузиб ташлаш бўйича даъво киритиш тўхтатиб турилиши қайд этилган. Қонун ҳужжатларига асосан турар жой қуриш учун ажратилиши мумкин бўлмаган ер майдонида жойлашган ер участкасида (участканинг бир қисмида) қурилган объектлар бундан мустасно экани кўрсатилган.

 

2015-2024 © Пайариқ туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM