Туман тарихи

Пайариқ– Самарқанд вилоятидаги шаҳар ҳамда қишлоқ тумани номи. Пайариқ шаҳри 1991 йилгача Наримоновка посёлкаси деб юритилган. Пайариқ ўрнида 1880 йилларда Россиядан кўчиб келиб ўрнашиб олганларнинг қишлоғи бўлган ва дастлаб Фёдоровка, Каталас деб аталган. Пайариқ номи туман ҳудудидан ўтган Пай ариғи номидан олинган (Ўзбекистон Миллий Энциклопедияси, 643-бет).

Маълумотларга кўра, Пайариқ туманида қадимдан халқимизнинг турли уруғларидан ташкил топган вакиллари аҳил-иноқ яшаб келишган. Қишлоқлар номларидан кўриниб турибдики, бу ерда аҳоли жуда қадим замонлардан бери яшаб келади. Тумандаги археологик қазилмаларда топилган Сак қабиласи маликасининг қабри топилгани ва унинг тарихи жуда узоқ замонларга бориб тақалишини ҳисобга олсак, бу ерда маданият, қишлоқ хўжалиги, ҳунармандчилик, миллий урф-одатлар, анъана, манъавий қадриятлар ҳам жуда узоқ ўтмиш ҳаёти билан чамбарчас боғлиқдир.

Туман 1926 йилда ташкил топгач, бу ерда ҳам бошқа туманларда бўлгани каби собиқ иттифоқнинг буйруғи билан туманнинг маъмурий ҳудудий тузилиши, географик ўрни, туман партия қўмитаси ва бошқа бошқарув шакллари юзага келди. Одамлар асосан тарихдан чорвачилик, қишлоқ хўжалиги билан шуғуллангани учун бу ерда иттифоқ даврида кўпроқ чорва фермалари, жамоа хўжаликлари ташкил этилиб, одамлар чорва молларини кўпайтириш, пахта ҳосилдорлигини ошириш билан шуғулланишган. Тумандан донгдор пахтакор деҳқонлар, илғор чўпонлар етишиб чиққан. Туманда саноат корхоналари деярли бўлмаган. Биттагина пахта тозалаш заводи ташкил этилиб, у ҳамон ишлаб турибди. Мустақиллик даврида туманда маҳалла фуқаролари йиғинлари ташкил этилиб, улар орқали аҳолининг кам таминланган қатламларини ҳимоя қилиш, маънавий ахлоқий қадриятларни улуғлаш, меҳр-оқибат, қўшничилик , миллий анъаналарни тиклаш ишлари олиб борилди.

Бугун туманда тадбиркорликни кенг ривожлантириш, фермер хўжаликларида ҳосилдорликни ошириш, одамларга хусусий бизнес ва ишбилармонликни ривожлантириш учун кредитлар бериш, ёшларни тадбиркорликка ўргатиш, янги замонавий тикув ва тўқув корхоналари бунёд этиш, ҳунармандликни тараққий эттириш бўйича кенг миқёсли ишлар олиб борилмоқда.

Туманда 99 та умумтаълим мактаби, 2 та мусиқа ва санъат, 2 та болалар ва ўсмирлар спорт мактаблари фаолият олиб боради.

Туман маркази Пайариқ шаҳри саналади. Шунингдек, туманда савдо-сотиқ маркази ҳисобланадиган Челак шаҳри ҳам жойлашган бўлиб, бу ерда одамлар узоқ юз йилликлардан буён савдо билан шуғулланиб келишган. Пайариқ шаҳри ҳақида гапирадиган бўлсак, бу ҳақида Ангрен Давлат Педагогика институти домласи, тарих фанлари доктори Улашбой Тўйчиевнинг бу ҳақдаги чоп этилган мақоласидан кўчирма келтирамиз:

“Фёдоровка, бу – Самарқанд вилояти- туманларидан бири бўлган Пайариқ марказининг дастлабки номларидан бири. Совет ҳокимияти йилларида бу шаҳар Наримановка деб атала бошланди.

6-мактабнинг собиқ директори Темур Набиев (ёши 84 да. 9-расм) нинг берган маълумотларига кўра 1860 йилда Россияда ўтказилган ер реформасидан кейин аҳолини янги ерларга кўчириш бошланган. Шу муносабат билан 1861 йилда [Менимча 1871 йилда бўлса керак. – У.Т.] рус генерали Фёдоров 100 та оилани Украинанинг Луганск шаҳридан шу ерга кўчириб келган ва уларга 100 гектар ер ажратган ҳамда ўзи шу ерда бир йил яшаб, ташкиллаштириш ишлари билан шуғулланган. Уларни маҳаллий аҳоли билан таништирган. Кейин бу посёлка Фёдоровка деб номлана бошланган. Шу даврда яна бир шундай посёлка Самарқанд яқинидаги Чархинда ҳам барпо қилинган.

1924 йилда ўтказилган чегаралаш натижасида Ўзбекистон алоҳида Республикага айланди ва шунда В.И.Лениннинг сафдоши Н. Нариманов маҳаллий аҳоли ичида тушунтириш ва ташвиқот ишлари олиб бориш мақсадида шу ерга келади ва 1925 йилда у бу ердаги черков қурилишида иштирок этади. Кексаларнинг айтишига қараганда бу черков қўнғироқларининг овози 6-7 км ларга ҳам баралла эшитилиб турган экан. Шу даврдан бошлаб Фёдоровка номи Наримановкага айлантирилган. Черковнинг қўнғироқлари 1941 йилда, уруш бошлангандан кейин, олиб кетилган. Уларни олиш учун қўнғироқхона тросга боғланиб, бир қанча трактор ёрдамида тортиб, қўнғироқлари билан бирга ерга ағдариб туширилган.

Ўзбекистон мустақилликка эришгандан кейин Наримановка номи Пайариққа ўзгартирилди ва унга шаҳар мақоми берилган.

Фёдоровкани қуриб, унда дастлаб яшаганлардан Занин, Глушко, Порохов-ский ва Загруднийлар бўлиб, Т.Набиевга бу маълумотларни, мактабда котиба бўлиб ишлаган, Пороховская айтиб берган экан. 

Пайариқ шаҳридаги 6-мактабнинг ҳозирги директори Людмила Николаевна Шульга берган маълумотларга кўра бу ерга дастлаб дон казаклари кўчиб келганлар.

Бу жойнинг европалик аҳолиси бир кечада кўчиб келган, десак хато бўлар эди. Улар бирин-кетин Украинанинг турли районларидан, хусусан, Полтава ва Николаевский областларидан келишган. Дон казакларидан дастлаб Дробница, Левченко, Комашко, Голушко (информаторимиз Людмила Николаевнанинг бобоси), Шевченколар кўчиб келганлар. Бу ерда яшаганлардан Тоут (венгерлик ҳарбий асир), Лобинцев, Суворов, Молчановлар ҳам анча илгари келганлардан ҳисобланади.

Дастлабки келганларнинг авлодларидан Дунаева Катя (қўшнилар уни Катя опа ҳам деб чақиришади) ва унинг қизи Л. Н. Шульга (бизнинг информатор) ҳозир ҳам бор.

1950 йилда бу ерда европа типида қурилган уйлар ҳали кўп бўлиб, уларнинг томи тунука ўрнига қамиш боғламлари билан ёпилган эди. Бу уйларнинг ташқи кўриниши, хусусан том ва балконларининг хошялари ёғоч-тахталардан кесиб тайёрланган безаклари ҳам бу ер учун хос эмас.

Шаҳар марказида, катта кўчалар кесишган чорраҳанинг ўртасида, жойлашган черков, ҳозир ҳам бор. (12-расм). У тўрт кўчанинг бошидан қара-ганда ҳам узоқдан кўриниб туради. Унинг жану-бида марказий майдон бўлиб, шу майдоннинг жануби-шарқий бурчаги-да, Россия ҳукмронлиги даврида қурилган баланд ва кенг синф хоналари бўлган, рус-тузем мактабининг эски биноси бор эди. (Балки бу бино Фёдорвкадаги мансабдор шахснинг уйи ёки идораси бўлгандир). Советлар даврида у 6-мактабга айлантирилган. Мактабнинг шарқий қисмида пастқам узун бинода ҳам синфлар бўлиб, бу бино мактабга айлантирилган бўлсада, отхонани эслатар эди. У ҳақиқатдан ҳам отхона бўлган бўлса керак. Чунки бино шипининг тузилиши ва деворлар бўйлаб, от охурларини чегаралаб турувчи, ёғоч устунлар буни исботлаб турарди. Биз мактабнинг ўша синф хоналарида ҳам ўқиганмиз. Мактабнинг жануб томонида, пахса девор билан ўралган, катта чорбоғи бўлар эди. Мактаб янги жойга кўчирилгандан кейин, бу чорбоғ ўрнида 2 қаватли секция уйлар қурилди.”

 

Шунингдек, бугун туманда қурилиш бунёдкорлик ишларига ҳам катта аҳамият қаратилмоқда. Иккала шаҳар ва қишлоқларни боғловчи йўллар асфалтланиб, Пайариқ ва Челак шаҳарларида замонавий, барча талабларга жавоб берадиган кўркам уй-жой ва бинолар қад ростламоқда.Ободончилик ишлари олиб борилиб, маданий-маиший ҳаёт юксалмоқда.

Пайариқ ва Челак шаҳарларида Ёшлар боғлари бунёд қилинган бўлиб, бу боғлар барчанинг мазмунли ҳордиқ чиқаришига хизмат қилмоқда.

Тумандаги Хартанг қишлоғида буюк муҳаддис Имом ал-Бухорий масжид-мақбараси жойлашган бўлиб, бу ерга ҳар йили бошқа туман, вилоят ва мамлакатлардан кўплаб сайёҳлар ташриф буюришади. Ҳозирда ушбу маҳаллани сайёҳлик инфратузилмасини такомиллаштириш устида мамлакатимиз раҳбарияти томонидан катта ишлар олиб борилмоқда.

2015-2024 © Payariq tuman hokimligi. Sayt yaratuvchisi: SAKTRM